ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ НОМИДАН
Ҳ У К М
2019 йил октябрь ойининг 14 куни, жиноят ишлари бўйича Тошкент
шаҳар Шайхонтоҳур туман суди, “Илғор” м.ф.й. биносида,
очиқ сайёр суд мажлисида, раислик қилувчи судья А.Абдулхаев, судья
ёрдамчиси И.Шахабованинг котиблигида,
тарафлардан давлат айбловчиси Шайхонтоҳур туман прокурорининг ёрдамчиси М.Бердикиличова,
судланувчи АА, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя
қилган ҳимоячиси, “Adolat Ustivorligi Sari” адвокатлар
ҳайъати адвокати М.Муродова, жабрланувчининг қонуний вакили ББларнинг
иштирокида, ААга нисбатан 1-1003-1904/273-сонли жиноят ишини кўриб чиқди.
Иш ҳужжатларига кўра,
АА – 07.07.1961 йилда
Тошкент вилоятида туғилган, миллати ўзбек, Ўзбекистон Республикаси
фуқароси, маълумоти ўрта, оилали, 6 нафар фарзанди бор, 2-гуруҳ
ногирони, пенсионер, муқаддам судланмаган, Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур
тумани, эски Жар-Ариқ мавзеси, 3-берк Зангиота кўчаси, 5-уйда
истиқомат қилувчи, иш бўйича “гаров” эҳтиёт чораси
қўлланган, айблов хулосаси нусхасини 19.09.2019 йилда олган,
Ўзбекистон Республикаси ЖК 266-моддасининг 2-қисми билан
айбланган.
Суд, судланувчи ва жабрланувчини қонуний вакилининг кўрсатувларини
тинглаб, дастлабки тергов жараёнида, судда тўпланган далилларни текшириб ва
муҳокама қилиб, жиноят ишидаги ҳужжатларни таҳлил
қилиб, тарафларнинг музокаралари ва судланувчининг охирги сўзини тинглаб,
қуйидагиларни
а н и қ л а д и :
Судланувчи АА, 2019 йил 13 июль куни, соат 10:50ларда техник соз
холдаги, давлат рақами 01 Q 696 PA бўлган, “Captiva” русумли транспорт
воситасини Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани, Кўксарой кўчаси
бўйлаб бошқариб, 8-уйнинг олдида Йўл ҳаракати қоидаларининг
11-банди “г” кичик банди, яъни “транспорт
воситасининг ҳайдовчиси ҳаракатланиш жараёнида пиёдалар,
айниқса, болалар, ногиронлар, қарияларга ва велосипедчиларга
нисбатан эҳтиёткорлик чораларини кўриши мажбур”, 77-бандининг 1-қисми, яъни
“ҳайдовчи ҳаракатнинг серқатновлигини,
транспорт воситаси ва юкнинг хусусияти ҳамда ҳолатини, йўл ва
об-ҳаво шароитини, шунингдек ҳаракатланиш йўналишидаги кўринишни
ҳисобга олган ҳолда транспорт воситаси тезлигини белгилангандан
оширмасдан бошқариши керак” ва 77-бандининг 3-қисми,
яъни “ҳаракатланиш вақтида ҳайдовчи аниқлай олиши
имкониятидаги хавф юзага келса, у транспорт воситасининг тезлигини у тўла
тўхташни таъминлайдиган даражада камайтириши ёки тўсиқни бошқа
ҳаракат қатнашчилари учун хавф туғдирмаган ҳолда
айланиб ўтиш чораларини кўриши керак” деб белгиланган қоидаларини бузиши
оқибатида, қатнов қисмини кесиб ўтаётган пиёда Юсупова
Мадинабону Джахонгировнани уриб юбориб, тан жароҳати етказган. Натижада М.Юсупова
олган тан жароҳатлари оқибатида шифохонага кетаётганида вафот этган.
Ўтказилган судга оид тиббий экспертизасининг 26.07.2018 йилдаги 703-сонли
хулосасига кўра, М.Юсупованинг ўлими ЙТХ натижасида олган ҳаёт учун
ҳавфли бўлган оғир тан жароҳатлари натижасида келиб
чиққанлиги ва тўғридан-тўғри боғланишда эканлиги
аниқланган.
Ўтказилган судга оид транспорт-трассалогия экспертизасининг 30.07.2019
йилдаги 8053/3, 8054/3-сонли хулосасига, давлат рақами 01 Q 696 PA
бўлган, “Captiva” русумли транспорт воситасининг олд давлат рақами ва олд
капотидаги шикастланишлар мавжуд бўлиб, ушбу шикастланиш вертикал ёки
яқин ҳолатдаги одам танасига урилишгига характерлиги, автомобиль ва
пиёда ўртасидаги биринчи контакт тақдим этилган автомашинанинг олди
давлат рақамига бўлган бўлиши мумкинлиги, М.Юсупованинг футболкасида
йиртилишлар ва қонга ўҳшаш тўқ-қорамтир ранглар содир
этилган механизмга кўра ЙТҲ нтижасида олинишга характерлиги
аниқланган.
Ўтказилган судга оид авто-техника экспертизасининг 14.08.2019 йилдаги 8414/13-сонли
хулосасига кўра, агар АА бошқарувидаги давлат рақами 01 Q 696 PA
бўлган, “Captiva” русумли транспорт воситасида 30-40 км/соат тезликда
ҳаракатланган бўлса, пиёджа унинг ҳаракат йўналишига нисбатан ўнг
томондан чап томонга қараб 5,10 метр масофани 3,38-3,49-3,44 сонияда
босиб ўтган бўлса, ушбу ЙТҲ вазиятида “Captiva” русумли автомобилнинг ҳайдовчиси 30-40
км/соат тезликда ҳаракатланиб, ўз вақтида тормоз бериш йўли билан
ҳодисани олдини олиш техник имкониятига эга бўлган. ЙТҲ вазиятида “Captiva” русумли автомашинаси
ҳайдовчиси ЙҲҚнинг 77-банди 3-қисми талабларига кўра, ҳаракатланиш
вақтида ҳайдовчи аниқлай олиши имкониятидаги хавф юзага
келса, у транспорт воситасининг тезлигини у тўла тўхташни таъминлайдиган
даражада камайтириши ёки тўсиқни бошқа ҳаракат
қатнашчилари учун хавф туғдирмаган ҳолда айланиб ўтиш
чораларини кўриши кераклиги аниқланган.
Суд мажлисида судланувчи тариқасида сўроқ қилинган АА
айбига тўлиқ иқрор бўлиб, дастлабки тергов даврида берган
кўрсатувларини тўлиқ тасдиқлаб, қуйидагиларни, яъни 2019 йил
13 июль куни соат 10:50ларда “Captiva” русумли транспорт воситасини Шайхонтоҳур
тумани, Кўксарой кўчаси бўйлаб бошқариб кетаётганида, 8-уйнинг олдида йўлни
кесиб ўтаётган пиёда, шахси кейинчалик маълум бўлган М.Юсуповани уриб
юборганлигини, шу заҳоти М.Юсуповани шифохонага олиб бориш чораларини
кўришганлигини, лекин М.Юсупова шифохонага кетаётганида вафот этганлигини,
шундан сўнг, воқеа жойида тегишли ҳужжатлар
расмийлаштирилганлигини, ҳозирда қилмишидан чин кўнгилдан
пушаймонлигини, жабрланувчининг қариндошларидан кечирим сўрашини, уларга
етказилган моддий зарарни имкон қадар қоплаганлигини ва ёрдам
кўрсатганлигини баён қилиб, суддан енгиллик беришни сўраб кўрсатувлар
берди.
Судланувчи АА ўз айбига тўлиқ иқрор бўлса-да, унинг айби
қуйидагилар билан ўз исботини тўлиқ топади.
Суд мажлисида жабрланувчининг қонуний вакили тариқасида
сўроқ қилинган ББ қуйидагиларни, яъни марҳум М.Юсупова
унинг қизи эканлигини, 2019 йил 13 июль куни М.Юсупова
қайнонасининг уйида бўлганлигини, шу куни соат 11:00ларда қанонаси
унга телефон қилиб, М.Юсуповани Кўксарой кўчасида шахси кейинчалик маълум
бўлган АА бошқарувидаги “Captiva” русумли транспорт воситасида уриб
юборганлигини ва М.Юсуповани шифохонага олиб кетишганлиги тўғрисида хабар
қилганлигини, шифохонага келганида, қизи М.Юсупова ЙТҲ
натижасида олган тан жароҳати оқибатида йўлда вафот этганлигини
билганлигини, судланувчи АА уларга моддий жиҳатдан ёрдам берганлигини ва
кечирим сўраганлигини, уни кечирганлигини, судланувчи ААга нисбатан даъвоси
йўқлигини баён қилиб, судланувчи ААга нисбатан енгиллик беришни
сўраб кўрсатувлар берди.
Бундан ташқари судланувчи ААнинг айби иш ҳужжатларида мавжуд бўлган йўл транспорт
ҳодисаси бўйича маълумотнома, йўл транспорт ҳодисаси рўй берган
жойни кўздан кечириш ҳақида баённома ва унга илова қилинган
фотожадваллар, транспорт воситасини техник ҳолатини кўздан кечириш ва
текшириш бўйича баённома, тушунтириш хати, судга оид экспертиза хулосалари
ҳамда иш материалларида мавжуд бўлган бошқа объектив далиллар билан
ўз тасдиғини тўлиқ топади.
Суд, судланувчи ААнинг жиноий ҳаракатлари дастлабки тергов
органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖК 266-моддасининг 2-қисми,
яъни “транспорт воситасини бошқарувчи шахс
томонидан транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш
хавфсизлиги қоидаларини бузиш одам ўлишига сабаб бўлса”
аломатлари билан тўғри квалификация қилинган деб топади.
Суд, судланувчи ААга жазо тури ва миқдорини белгилашда
судланувчининг айбига тўлиқ иқрор бўлиб, содир этган
қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, унинг оилавий ва моддий
шароитини, оилали бўлиб, 6 нафар фарзандлари, турмуш ўртоғи борлигини, оиласининг
ягона боқувчиси эканлигини, 2-гуруҳ ногирони ва пенсионер
эканлигини, яшаш жойидан ижобий тавсифланишини, жабрланувчининг қонуний
вакилига етказилган моддий зарар қопланганлигини, жабрланувчини
қонуний вакилини унга нисбатан даъвоси йўқлигини ва енгиллик бериш
ҳақидаги илтимосини, муқаддам судланмаганлигини Ўзбекистон
Республикаси Жиноят кодексининг 55-моддасига асосан жазони енгиллаштирувчи
ҳолатлар деб баҳолайди, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг
56-моддасига асосан жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар
аниқланмади.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги “Судлар
томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида”ги 1-сонли
қарорининг 3-бандига кўра “Жиноят кодексининг 8, 54-моддалари
мазмунига кўра, жазо адолатли бўлиши - ҳар бир ҳолатда индивидуал
тайинланиши, жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасига, айбдорнинг
шахсига, шунингдек жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи
ҳолатларга мувофиқ бўлиши керак” деб белгиланган.
Шунингдек, ушбу Пленум қарорининг 37-бандида “ЖК 57-моддасига
мувофиқ, содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини жиддий
камайтирувчи ҳолатлар аниқланган тақдирда, Жиноят кодекси
Махсус қисми моддаси санкциясида назарда тутилган энг кам жазодан
ҳам камроқ ёки шу моддада назарда тутилмаган бошқа
енгилроқ жазо тайинланиши мумкин.
Бунда, қонунга мувофиқ, судлар, нафақат шахс жиноят
содир этиш вақтида кўзлаган мотив ва мақсад, айб шакли ва
даражасини, балки, айбдорнинг шахси, жиноят иштирокчилари орасидаги роли,
жиноят содир этилиш пайтидаги ёки содир этилганидан кейинги хулқ-атвори,
жиноятни содир этиш сабаблари ва бунга олиб келган шарт-шароитни ҳам
эътиборга олишлари лозим.
Жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини жиддий камайтирувчи
алоҳида ҳолатлар рўйхати қонунда кўрсатилмаганлигини назарда
тутиб, суд қабул қилган қарорини ҳукмда асослантирган
ҳолда жазони енгиллаштирувчи айрим ҳолатни ҳам, уларнинг
мажмуини ҳам бундай ҳолат сифатида тан олиши мумкин (масалан моддий
зарарнинг тўлиқ қопланганлиги, судланувчи ёки ота-онасининг
оғир касаллиги, уларнинг меҳнатга лаёқатсизлиги, айбдор
ота-онасининг ёки боласининг бошқа боқувчиси йўқлиги,
судланувчининг кекса ёшда эканлиги, унинг бир гуруҳ шахслар томонидан
содир этилган жиноятни очишда фаол иштирок этганлиги, жабрланувчининг жиноят
содир этилишига туртки берган ҳуқуққа хилоф
хулқ-атвори, жабрланувчининг судланувчи билан ярашганлиги ва ҳ.к.)” деб кўрсатилган.
Суд, судланувчи ААга нисбатан жазо тури ва миқдорини белгилашда
унинг содир этилган жиноятининг ижтимоий хавфлилик даражасини эътироф этган
ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 7,8-моддаларида
кўрсатиб ўтилган одиллик ва инсонпарварлик тамойиллари, шунингдек Ўзбекистон
Республикаси Олий суди Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги “Судлар томонидан
жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида”ги 1-сонли қарори
талабларидан келиб чиқиб, судланувчини айбига тўлиқ иқрор
бўлиб, содир этган қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, унинг оилавий
ва моддий шароитини, оилали бўлиб, 6 нафар фарзандлари, турмуш ўртоғи
борлигини, оиласининг ягона боқувчиси эканлигини, 2-гуруҳ ногирони
ва пенсионер эканлигини, яшаш жойидан ижобий тавсифланишини, жабрланувчининг қонуний
вакилига етказилган моддий зарар қопланганлигини, жабрланувчини
қонуний вакилини унга нисбатан даъвоси йўқлигини ва енгиллик бериш
ҳақидаги илтимосини, муқаддам судланмаганлигини инобатга
олиб, унга нисбатан ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, унинг ҳаракатлари
учун талқин этилаётган Ўзбекистон Республикаси ЖК 266-моддасининг
2-қисми санкциясида назарда тутилмаган жарима жазоси тайинлашни лозим
топади.
Шунингдек, суд, судланувчи АА мазкур жиноятни йўл ҳаракати
қоидаларига амал қилмаганлиги оқибатида содир
қилинганлигини ва келгусида уни транспорт воситалари билан
боғлиқ жиноят содир этиши мумкинлигини инобатга олиб, унга нисбатан
ЖК 45-моддасини қўллаб, муайян ҳуқуқдан маҳрум
қилиб, яъни транспорт воситаларини бошқаришни
тақиқлашни лозим топади.
Суд, иш бўйича ашёвий далил тариқасида олинган DVD дискни иш ҳужжатларида
сақланишини белгилашни лозим топади.
Шунингдек, суд, жабрланувчининг қонуний вакилини судланувчига
нисбатан даъвоси йўқлиги тўғрисидаги аризасини инобатга олишни
лозим топади.
Суд, манфаатдор тарафларга судланувчидан етказилган моддий ва маънавий
зарарни ундириш масаласида фуқаролик тартибида судга мурожаат қилиш
ҳуқуқига эга эканлигини тушунтиришни лозим топади.
Юқоридагиларга асосан ҳамда Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг
454-457, 460-463, 465-468, 472-473-моддаларига мувофиқ, суд
ҳ у к м
қ и л а д и:
АА Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 266-моддасининг
2-қисми билан айбдор деб топилсин.
ААга, Ўзбекистон
Республикаси ЖКнинг 266-моддасининг 2-қисмига асосан ЖКнинг
57-моддасини қўллаб, энг кам ойлик иш ҳақининг 70 баравари
миқдорида, яъни 14.191.100 сўм жарима жазоси тайинлансин.
Судланувчи ААга, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 45-моддасини қўллаб,
1 (бир) йил муддатга муайян ҳуқуқдан маҳрум
қилиб, яъни транспорт воситаларини бошқаришни тақиқлаш
жазоси тайинлансин.
Жазоларнинг ҳар қайсиси алоҳида ижро этилсин.
Судланувчи ААга қўлланган гаров эҳтиёт чораси бекор
қилинсин ва гаров тариқасида топширилган давлат рақами 01 Q
696 PA бўлган, “Captiva” русумли транспорт воситаси ААга тилхат
орқали қайтарилганлиги инобатга олинсин ва унинг ихтиёрида
қолдирилсин.
Ашёвий далил тариқасида олинган DVD диск иш ҳужжатларида
сақлансин.
Жабрланувчининг
қонуний вакилини судланувчига нисбатан даъвоси йўқлиги тўғрисидаги
аризаси инобатга олинсин.
Манфаатдор тарафларга моддий ва маънавий зарарни ундириш масаласида
фуқаролик тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқига
эга эканлиги тушунтирилсин.
Ҳукмдан норози тарафлар ҳукм эълон
қилинган кундан бошлаб 10 сутка ичида, судланувчи эса ҳукм
нусхасини олгандан сўнг шу муддатда жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар
Шайхонтоҳур туман суди орқали жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар
судига апелляция тартибида, 10 сутка ўтганидан сўнг эса кассация тартибида
протест ёки шикоят келтиришлари мумкин.
Раислик қилувчи судья: имзо
Нусхаси аслига тўғри: